20-21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлгини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида глобал форум бўлиб ўтади.
Мазкур форумда БМТ, Интерпол, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ, Жаҳон божхона ташкилоти ҳамда шу каби бошқа 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, 50 га яқин давлатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, 500 га яқин халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, форум доирасида ёшлар саммити ташкил этилиб, унда ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг глобал муаммолар ечимида фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.