Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Самарқандда фирибгар ИИБ ходимларига 1000 доллар таклиф қилди

Самарқандда фирибгар ИИБ ходимларига 1000 доллар таклиф қилди

Бир муддат олдин Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Б. Т. вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилганди. У ўз аризасида Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи Ф. Р. исмли фуқаро таркибида олтин моддаси бўлган қумни фуқароларга сотаётгани, бундан ташқари, Пахтачи тумани ҳудудида жойлашган тоғлардаги руда тошларидан олинган, темир ва бошқа металларнинг қоришмасидан қуйилган тангаларни ичида тилла бор деб, ҳар бир грамини 400 минг сўмдан сотиб келаётганлигини маълум қилган. Унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда "Постда" нашри ёзмоқда.

Мазкур ариза асосида жорий йилнинг 6 февраль куни Пахтачи тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Навоий вилояти Хатирчи тумани “Парохон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1989 йилда туғилган Ф. Р. оғирлиги 8,538 грамм бўлган сариқ рангли метални тилла деб, 23 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Шунга кўра пулнинг 100 АҚШ долларини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган. Кейинчалик маълум бўлишича, у сотаётган сариқ металл тилла бўлмаган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганди. Ҳаммаси шундан кейин бошланган. Фирибгарлиги фош бўлиб, пайтавасига қурт тушган Ф. Р. вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига келиб, тергов бўлинмаси ходими Х. Ш. ва М. С.га жиноят ишини унга нисбатан бўлган қисмини ўзининг фойдасига ижобий томонга ҳал қилиб беришини сўрайди ва бунинг эвазига 1000 АҚШ доллари таклиф қилади. Лекин ходимлар қасамёдига содиқ қолишди ва раҳбариятни ҳолат юзасидан ўз вақтида хабардор этишди.

Самарқанд вилояти ИИВ Ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 4 август куни махсус тадбир ўтказилди. Шу куни соат 19:00да фуқаро Ф.Р. Самарқанд темир йўл вокзали автотураргоҳида 900 АҚШ долларини ходимга ишни ҳал қилиш учун пора сифатида берган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд транспорт прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Энди у нафақат фирибгарлиги, балки давлат хизматчисига пора бермоқчи бўлгани учун ҳам жавоб беришига тўғри келади.

Киритилди: 10:38 06.08.2020. Ўқилди: 2060 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!