Сенатнинг ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш масаласи муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳри таркибига 17 226,5 гектар ер майдони қўшилади. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд тумани тугатилади ва унинг 28 295 гектар ер майдони Тойлоқ туманига ўтказилади.
Қайд этилганидек, Самарқанд шаҳри вилоятда аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шаҳар ҳудудининг кенгайтирилиши аҳоли зичлигини камайтириш, транспорт қатновини яхшилаш, тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда замонавий шаҳар инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокамаларда Самарқанд шаҳри аҳолиси 880 минг нафарга етиб, аҳолиси бир миллион бўлган шаҳар мақомига яқинлашаётгани таъкидланди.
Янги қўшиладиган ҳудудларда кичик саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида хизмат кўрсатиш, туризм ва қурилиш соҳаларида минглаб янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерларини сақлаб қолиш ва экологик мувозанатни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўтказилаётган 6 263 гектар ер майдонининг тоифалари ўзгартирилмасдан сақланади.
Мазкур масала тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, маъқулланган.
Сенаторлар чегараларнинг ўзгартирилиши Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун янги имкониятлар яратишини таъкидлади.
Муҳокамалар якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.