26 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг Ростов вилояти ва Краснодар ўлкаси дронлар ҳужумига учради. Маҳаллий расмийлар ҳужум оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар борлигини маълум қилди.
Ростов вилояти раҳбари Юрий Слюсарнинг айтишича, ҳудуд узра 30 та дрон уриб туширилган. Улар Ростов-Дон, Каменск-Шахтинский, Новошахтинск, Таганрог ва Азов шаҳарлари, шунингдек, бир қатор туманларда қайд этилган.
Энг кўп зарар Азов шаҳрида кузатилган. У ерда кўп қаватли ва хусусий уйлар, саноат объектлари, мактаб, маданият саройи ҳамда автомобилларга шикаст етган. Тўрт киши жароҳатланган. Таганрогда ҳам бир киши жабрлангани айтилмоқда.
Айрим Украина мониторинг каналлари ҳужум нишонларидан бири мудофаа саноати учун маҳсулот ишлаб чиқарувчи Азов оптик-механика заводи бўлганини тахмин қилмоқда. Бу маълумот расмий равишда тасдиқланмаган.
Краснодар ўлкасининг Северский туманида эса дрон ҳужумидан кейин иккита корхонада ёнғин чиққан. Ҳудуд оператив штаби маълумотига кўра, уч киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган. Шунингдек, 26 мингга яқин аҳоли электр таъминотисиз қолган.
Astra ва Exilenova+ каналлари зарбалардан бири Илский нефтьни қайта ишлаш заводига тўғри келганини хабар қилди. Корхона ҳудудида ёнғин кузатилган, бироқ бу маълумотнинг барча тафсилотлари расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.