Россияда 2-Ғарбий округ ҳарбий судининг уч судьядан иборат ҳайъати Аҳмаджон Қурбоновни радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя кучлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кирилловнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳужумини содир этганликда айбдор деб топди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Унга шунингдек, 1 миллион рубл миқдорида жарима солинди.
Портловчи моддаларни етказиб беришда айбланган озарбайжонлик Роберт Сафарян 25 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм этилди, унинг дастлабки тўққиз йилини у камерада ўтказади. Жиноятчига уй ижарага берган Ингуш фуқаролари Батухан Тачиев ва Рамазан Падиев мос равишда 22 йилга (дастлабки саккиз йил қамоқ жазоси) ва 18 йилга (дастлабки олти йил қамоқ жазоси) жазоланди, шунингдек, 200 000 рубл миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.
Судланувчилар ролларига қараб, террорчилик ташкилотини ташкил этиш ва унда иштирок этиш, террорчилик ҳужумига тайёргарлик кўриш, портловчи моддаларни ноқонуний олиб кириш ва портловчи мослама ишлаб чиқаришда айбландилар. Якуний нутқ давомида прокурор Надежда Тихонова Курбоновга умрбод, Сафарянга 28 йил, Тачиевга 26 йил ва Падиевга 24 йил қамоқ жазосини сўради.
Қурбонов айбини тан олди ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилди. Бошқа судланувчилар Курбоновнинг терроризмга алоқадорлигидан бехабар эканликларини таъкидлашди. Тачиев ва Падиев судда фақат квартираларни ижарага бериш билан шуғулланганликларини даъво қилишди, Сафарян эса портловчига берган пакетнинг таркибидан бехабар эканлигини айтди.
Терговчиларнинг сўзларига кўра, 2024 йил 17 декабр куни Ўзбекистон фуқароси Қурбонов Украина Хавфсизлик Хизмати (СБУ) кўрсатмаси бўйича генерал Кирилловнинг уйи киришидаги жойга бошқариладиган бомба ўрнатилган электр скутерни қолдирган. Кейин ижарага олинган машинага ўтириб, у ердан воқеаларни Украинага узатган. Генерал Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси майор Иля Поликарпов уйдан чиқаётганларида портлаш содир бўлди, натижада иккала офицер ҳам ҳалок бўлди.