Депутатлар фикрича, сиёсий маҳбусларни озод қилиш эвазига Москвага санкциявий енгилликлар бериш Кремлга нотўғри сигнал бўлиши мумкин.
ХДС ташқи сиёсат бўйича эксперти Юрген Хардт Россия Украинага қарши уруш олиб бораётган ва мингдан ортиқ сиёсий маҳбус сақланаётган бир пайтда санкцияларни юмшатиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, Германия ва Европа Иттифоқи Москвага босимни сақлаб қолиши ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга эришиши керак.
СДПГ вакили Адис Ахметович ҳам санкцияларни енгиллаштириш фақат Европа даражасида келишилган стратегия ва аниқ натижалар мавжуд бўлган тақдирдагина кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага ҳужумлари давом этаётгани ва Европа давлатларига қарши гибрид таҳдидлар кучайгани сабабли ҳозир Москвага нисбатан санкцияларни юмшатиш вақти эмас.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россия ва Беларусдаги сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилмоқда. Вазирлик Россиядаги қарийб 1600 нафар сиёсий маҳбуснинг тақдирини кузатаётганини маълум қилди.