Россиянинг Ленинград вилояти Всеволод туманидаги ташландиқ бинода ёнғин содир бўлди. Оқибатда Ўзбекистон фуқароси 90 фоиз куйиш билан реанимацияга ётқизилди. Бу ҳақда 78.ru хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 декабрь куни соат 22:55 ларда Чекалов кўчасида ёнғин юз берган. Умумий майдони 50 квадрат метр бўлган ташландиқ уй ёнган. Соат 00:54 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Воқеа жойига Ленинград вилоятининг ёнғин-қутқарув қисмларининг навбатчи бўлинмалари етиб келган. Тез тиббий ёрдам бригадаси 39 ёшли Ўзбекистон фуқаросини ёниб кетган уйдан топиб, Всеволод шифохонага олиб кетган.
Шифокорлар жабрланувчининг танасининг бир неча қисмларида учинчи даражали термик куйишни аниқлаган. Умуман олганда, ўзбекистонликнинг танаси 90 фоизга куйган. Эркак оғир аҳволда реанимация ва интенсив терапия бўлимига ётқизилган.