Россияда мулкни олигархлар ўртасида қайта тақсимлаш 2021-2023 йилларда ҳар саккизинчи миллиардерга таъсир кўрсатган.
The Bell'нинг Cedar мустақил таҳлил маркази тадқиқотига таяниб хабар беришича, 1990—йиллардан бери Россияда мулкчиликнинг энг йирик қайта тақсимланиши ўнлаб йирик бизнесменлар ва даромад бўйича 20 га яқин энг йирик компанияларга таъсир кўрсатган.
Тадқиқотга кўра, 2014 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда Forbes рўйхатининг 311 нафар иштирокчисидан 30 нафари (9 фоизи) миллийлаштириш ёки активларни бозор қийматидан паст нархларда мажбурий сотишга дуч келган. Шу билан бирга, улардан 17 нафар тадбиркор сўнгги ўн йилликдаги энг бой россияликларнинг топ-100 талигига киради.
Агар фақат Forbes'нинг 2021-2023 йиллардаги рўйхатларидаги миллиардерларни кўриб чиқилса, ҳукуматнинг ҳаракатларидан 204 кишидан 25 нафари ёки 12 фоизи жабр кўрган бўлади.
Қайд этилишича, 13 та ҳолатда миллиардерлар Россиядаги асосий бизнесидан айрилган. Фақатгина бешта ҳолатда жавобгарлар Бош прокуратура таъқибидан “қочишга” муваффақ бўлган.
"Россияда мулкни қайта тақсимлаш 2021 йилда бошланган, аммо Россия-Украина уруши бошланганидан кейин унинг суръатлари сезиларли даражада тезлашди", дейилади хабарда.