Бугун 28 апрель, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Россияда махфий маълумотларни Хитойга етказган эркак саккиз йилга колонияга ҳукм қилинди

Россияда махфий маълумотларни Хитойга етказган эркак саккиз йилга колонияга ҳукм қилинди

Россиянинг Забайкалье ўлкаси суди 52 ёшли россиялик Владимир Васильевни давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топиб, саккиз йилга қатъий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра, маҳкум давлат сири ҳисобланган маълумотларни йиғиш ва Хитой махсус хизматларига етказиш билан шуғулланган. 2019 йил августидаёқ қўлга олинган Васильев ўз айбига иқрор бўлган.

Таъкидланишича, бу сўнгги икки ой ичида Россия судларида давлатга хиёнат ҳақидаги модда бўйича чиқарилган учинчи ҳукмдир.

Давлатга хоинлик ҳақидаги ишларга «махфий» белгиси қўйилади, уларнинг тафсилотлари маълум қилинмайди, судда кўриб чиқиш жараёни эса ёпиқ тартибда бўлиб ўтади.

Аввалроқ Россия президентининг Урал округидаги вакили ёрдамчиси давлатга хиёнатда гумонланиб қўлга олингани хабар берилганди. Шунингдек, Россия президенти Путин давлатга хиёнатда айбланган икки аёлни авф этгани маълум қилинган эди.

Давлатга хиёнат қилганлик учун судланиш ҳолатлари Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан қайд этилади. Хусусан, Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган ўзбекистонлик сиёсатшунос Рафик Сайфулин 2020 йил 25 май куни 12 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Рафик Сайфулин давлат сирлари ва таҳлилий материалларни Россия томонига етказганликда айбланган.

2020 йил февраль ойида эса Мудофаа вазирлигига қарашли «Ватанпарвар» газетасининг собиқ мухбири Владимир Калошин давлатга хиёнатда айбланиб, 12 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. 2020 йилнинг январида эса давлатга қарши хиёнат бўйича айбланган ТИВнинг собиқ ходими Қодир Юсуповга суд ҳукми эълон қилинганди.

Киритилди: 18:03 25.02.2021. Ўқилди: 1379 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!