Бугун 30 июнь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Россияда «давлатга хиёнатга тайёргарлик кўриш»да айбланган фаол вафот этди

Россияда «давлатга хиёнатга тайёргарлик кўриш»да айбланган фаол вафот этди

Саккиз йиллик қамоқ жазосини олган Игор Покусин 61 ёшида вафот этди. «Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси Покусинни сиёсий маҳбус сифатида тан олди.

Давлатга хиёнат қилишга тайёргарлик кўрганликда айбланиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган абаканлик фаол Игор Покусин 61 ёшида вафот этди, деб хабар берди «Сибир.Реалии» лойиҳаси 14 июн, жума куни марҳумнинг оиласига яқин манбаларга таяниб.

Покусин судланганидан олти ой ўтиб, 11 июн куни вафот этди. Ўлим жойи ҳақида маълумот берилмаган. Ҳукм кучга киргунга қадар у Абакандаги 1-сонли тергов изоляторида сақланган.

Фаолнинг жиноий иши

Фаолга нисбатан жиноий иш ўтган йил охирида қўзғатилган. «ФСБ» маълумотларига кўра, у Украина армиясига қўшилишни режалаштирган. Покусиннинг ўзи буни рад этди. Оиласи у шунчаки Россияни тарк этмоқчи эканлигини билдирди. Иш материалларида Покусин ва дўстлари ўртасидаги суҳбатлар мавжуд бўлиб, унда у ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага ёрдам бериш истаги ҳақида айтиб ўтган.

Игор Покусин Одессада туғилган, Кировоград олий фуқаро авиацияси мактабида ўқиган ва Абаканга хизмат ўташ учун юборилган. 2022 йил баҳорида, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан сўнг, Покусин Абакан марказида Z ҳарфи ёзилган баннерга бўёқ улоқтириб, ўлкашунослик музейи деворига «Украинага шон-шарафлар бўлсин» деб ёзиб кетган. Полиция икки ойдан кейин унинг изига тушди ва декабр ойида фаол вандализмда айбланиб, олти ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тергов жараёнида Игор Покусин мамлакатни тарк этишга уринган, бироқ «ФСБ» ходимлари томонидан қўлга олинган. Мустақил «Холод» лойиҳасига кўра, Покусин бошига қоп кийдирилган ҳолда ўрмонга олиб чиқиб кетилган, боши узра ўқ узилган ҳамда Украинага қайтиш ва «ватанига махсус ҳарбий операция пайтида ҳужумга қарши туришда ёрдам бериш» истагини тан олган ҳолда видеода чиқишга мажбурланган.

«Доколе» ижтимоий ҳаракатининг ташкилотчиси

Абаканда Покусин «Доколе» жамоат ҳаракатининг ташкилотчиси сифатида танилган, унинг аъзолари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари суиистеъмолларига қарши курашган. 2013 йилда у мухолифатдаги ПАРНАС партиясидан Хакасия Олий кенгашига сайланишга ҳаракат қилган, бироқ сайлов комиссияси уни рўйхатга олишдан бош тортган.

2023 йилда Игор Покусин давлатга хиёнат қилишга уринишда айбланганидан сўнг, «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилоти уни сиёсий маҳбус деб тан олди. «Мемориал» ҳисоботида қайд этилишича, Покусиннинг саломатлиги Украина армиясида хизмат қилишга имкон бермаган. «Агар Покусиннинг бундай режалари бўлса ҳам, улар жиноят таркибига кирмаган бўларди», - дея таъкидлади ҳуқуқ ҳимоячилари.

Киритилди: 11:08 15.06.2024. Ўқилди: 1213 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!