Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош ҳудудларида вабо эпидемиясига қарши курашга тайёргарлик кўрилади. Тегишли фармонни Россия бош давлат санитария врачи Aнна Попова имзолади, деб хабар берди Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси телеграм каналида.
“Вабо профилактикаси бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат Брянск, Курск, Белгород, Воронеж, Ростов вилоятлари, шунингдек, Краснодар ўлкаси ва босиб олинган Қримда вабо эпидемиясига тайёргарлик кўришга қаратилган.
Попова истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фаровонликни таъминлаш соҳасида назорат бўйича федерал хизматнинг (Роспотребнадзор) ҳудудий бошқармалари раҳбарларига кўрсатма берди:
— вабо бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун лабораторияларни тайёрлаш, савдо объектлари, одамлар гавжум жойларда назоратни кучайтириш ва аҳолини касалликнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида хабардор қилишни — 15 майга қадар;
— тиббиёт муассасаларининг эпидемияга қарши чора-тадбирларни ўтказишга тайёрлигини таъминлаш ва бунинг учун зарур бўлган дори воситалари миқдори ҳисобини тайёрлаш — 1 июнга қадар.
"Эҳтимол, май ойининг охири - июн ойи бошида Россия Федерацияси раҳбарияти Украина билан чегарадош ҳудудларда провокацияларга йўл қўйиши мумкин. Aнъанага кўра, улар бунинг учун жавобгарликни "биологик қурол қўллаганликда" айблаб, Украинага топширишга ҳаракат қилишади", - дейди бошқарма.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, вабо ўткир диарея касаллиги бўлиб, агар даволанмаса, бир неча соат ичида ўлимга олиб келиши мумкин. Вабонинг юқиши тоза сув ва санитария воситаларидан етарлича фойдаланиш имконияти йўқлиги билан чамбарчас боғлиқ. Одатда юқори хавфли ҳудудларга шаҳарларга туташ харобалар, шунингдек, ички кўчирилганлар ва қочқинлар учун лагерлар киради.
Aйни пайтда, Россия қўшинлари томонидан тўсиб қўйилган Мариуполга эпидемиологик фалокат таҳдид солмоқда. Шаҳар мери Вадим Бойченконинг сўзларига кўра, антисанитар шароит туфайли вабо тарқалиши эҳтимоли юқори.