Россиянинг Норвегиядаги элчихонаси Норвегия томонининг илтимосига биноан Ослодаги дипломатик миссия таркиби қисқартирилишини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда 14 октябр, душанба куни эълон қилинган хабарларга кўра, Россиянинг Норвегиядаги элчихонаси консуллик бўлимида икки нафар дипломат, Шпицбергендаги Бош консуллигида эса фақат бир нафар дипломат қолади.
Элчихона хабарида айтилишича, Норвегия 17 октябрга қадар мамлакатдаги Россия хорижий муассасаларининг дипломатик ходимларини қисқартиришни талаб қилган, бироқ бу талабнинг сабаблари келтирилмаган.
Россиянинг Шпицберген ва Киркенесдаги бош консулликлари кейинги огоҳлантиришгача консуллик қабулларини тўхтатганликларини маълум қилишди.
Сентябр ойи охирида Норвегия адлия вазири Эмилия Энгер Мел мамлакат ҳукумати Финландиядан ўрнак олиб, Россия билан чегарада баланд панжара ўрнатиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.
2024 йил май ойида Норвегия туристик шенген визаси бўлган руслар учун чегарани ёпди ва ҳатто транзит мақсадида ҳам уларни мамлакатга киритишни тўхтатди.