Бугун 17 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Расман: Хаби Алонсо «Челси» бош мураббийи этиб тайинланди

Расман: Хаби Алонсо «Челси» бош мураббийи этиб тайинланди

Лондоннинг «Челси» клуби испаниялик мутахассис Хаби Алонсо жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинланганини расман эълон қилди.

44 ёшли мураббий лондонликлар билан 4 йиллик шартнома имзолади. Келишув 2030 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Алонсо янги жамоасидаги вазифасини бажаришга шу йилнинг 1 июлидан киришади.

Маълумот учун, «Челси» 2025/26 йилги мавсум давомида икки нафар бош мураббий — Энцо Мареска ва Лиэм Росеньорни истеъфога чиқаришга улгурди. Улардан кейин жамоани вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи Калум Макфарлейн бошқариб келаётган эди. Айни пайтда «аристократлар» Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида 9-ўринни эгаллаб турибди.

Футболчилик фаолияти давомида «Ливерпуль», «Реал Мадрид» ва «Бавария» каби гранд клубларда тўп сурган Хаби Алонсо мураббийлик фаолиятини «Мадрид»нинг ёшлар жамоасида бошлаган. Кейинчалик «Реал Сосьедад»нинг иккинчи жамоасини бошқарди.

Унинг мураббийлик фаолиятидаги энг ёрқин даври 2022–2025 йилларга тўғри келади. Бу вақт ичида у Леверкузеннинг «Байер» клубини бошқариб, 2023/24 йилги мавсумда бирор марта мағлубиятга учрамасдан Германия чемпионига айланди. Шунингдек, мамлакат Кубоги ва Суперкубогида ҳам зафар қучди.

Алонсонинг сўнгги иш жойи «Реал Мадрид» клуби бўлиб, у ерда 2025 йилнинг июнидан 2026 йилнинг январь ойигача фаолият юритди. Унинг бошқарувида «қироллик клуби» 34 та учрашувда 24 та ғалаба, 4 та дуранг ва 6 та мағлубият қайд этди.

Киритилди: Бугун 13:35. Ўқилди: 232 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!