Ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси Жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар Америка Қўшма Штатлари, Канада ва Мексикада Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. FIFA терма жамоалар мундиалида фаолият олиб борувчи расмийлар рўйхатини эълон қилди.
Ушбу мусобақада Илгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ҳам иштирок этади. Қанотларда унга, Андрей Сапенко ҳамда Тимур Гайнуллин ёрдам беради.
Мундиалга 52 нафар рефери, 88 нафар қанот ҳакамлари ҳамда 30 нафар VAR ҳакамлари мусобақага тайинлов олган. Маълумот учун, Жаҳон чемпионатида энг кўп учрашувни бошқарган ҳакам ўзбекистонлик Равшан Эрматов ҳисобланади.
Шу тариқа Танташев Эрматовдан сўнг мундиалда фаолият олиб борадиган иккинчи ўзбекистонлик реферига айланади. мазкур мусобақада Фабио Каннаваро бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Жамоа гуруҳ босқичи учрашувларини Мексика ҳамда АҚШ майдонларида ўтказиши кутилмоқда. Унга кўра, “оқ бўрилар” илк турда Колумбияга қарши майдонга тушса, иккинчи турда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия билан ўйнайди. Каннаваро жамоаси охирги турда Конго Демократик Республикасига қарши баҳс олиб боради.