Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Раҳматилла Мирзаевнинг рафиқаси Аъло Раҳимова турмуш ўртоғининг қотиллари ҳақида гапирди

Раҳматилла Мирзаевнинг рафиқаси Аъло Раҳимова турмуш ўртоғининг қотиллари ҳақида гапирди

Аъло Раҳимова бир пайтлар «Андижон» ва «Отмагай тонг» қўшиқлари билан халқ меҳрини қозонганди. Узоқ йиллик танаффус ва бошига  тушган оғир мусибатлар уни ижоддан узоқлаштирди. Хусусан, турмуш ўртоғи, маҳоратли сухандон Раҳматилла Мирзаевнинг ваҳшийларча ўлдирилиши унга жуда оғир зарба бўлиб қолди. Ҳамкасбларининг фикрича, ҳаётидаги ўзгаришлар унинг кучли депрессия ҳолатига тушишига сабаб бўлган. Журналист Наргиза Муродова хонанда билан мулоқотга киришиб, санъатдан кетиши ва депрессиядан қандай қутилгани ҳақида суҳбатлашди. Бу ҳақда "Дарё" нашри ёзмоқда.

— Ўз фарзанди сабаб ваҳшийларча ўлдирилиш... Рости, машҳур сухандон ҳаёти бундай якун топишини ҳеч ким кутмаганди?

— Синглим, бу ҳақида гапиришни истамайман. Бу саволлар мени жуда чарчатган, бундан ташқари, ота-онам кўзинг билан кўрмаган нарсага ишонма деб ўргатишган. Мана орадан неча йил ўтди, воқеага алоқадор инсонлар қонуний жазо олишди, аммо менда ҳамон иккиланиш бор.  Халқ орасида «Аълонинг ўғли шундай қилибди», деган гаплар ҳам тарқалди. Аммо Яратган менга ёлғиз қизни инъом этган, у оилага менинг алоқам йўқ. Бошимизга тушган воқеалардан кейин ҳар хил гап сўзлар тарқалди, билиб-билмай оғзига келганини гапирганлар ҳам бўлди. Аммо ҳаммаси ёлғиз Аллоҳга аён. Аммо бир нарсани очиқ айтоламан, турмуш ўртоғимнинг ўлимидан кейин оёққа туролмайман, телба бўлиб қолсам керак, деб ўйлагандим. Боиси бир неча ойгача у инсон кўз олдимдан кетмаганди. Қаерга борсам кўзимга кўринарди. Яқинларимнинг ёрдами ва турмуш ўртоғимнинг яқин дўстларидан бири – Обид Асомовнинг қўллаб-қувватлаши билан ўзимга келдим. Қизим учун оёққа туришим керак, деган биргина куч мени ҳаётга қайтарди.

— Ижодингиз авж нуқтага яқинлашай деганда санъатни тарк этдингиз... Бу кимнинг танлови эди?

— Эр кишига бирмунча осон. Оиланинг моддий эҳтиёжини таъминласа ва фарзандларни назорат қилиб турса бас. Аммо аёл иш билан бирга, боласининг саломатлиги, рўзғорининг кам-кўсти, қариндош-уруғ билан борди-келдини ҳам назорат қилиб туриши керак. Аёлнинг оиладаги ўрнини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Қизим туғилгач уни яхши парвариш қилишим кераклигини тушундим. Аввалига яқинларимнинг ёрдамига суяндим, аммо уйнинг гапи кўчага тўғри келмагач қийналдим. Шунда турмуш ўртоғим раҳматли «Топадиган пулингни мен берай, болага қараб уйда ўтир», деганди.

— Эшитишимизча, санъатдан кетишингизга турмуш ўртоғингизнинг рашки ҳам сабаб бўлган экан?

—Мен севиш ва севилиш бахти насиб этган аёлман. Муҳаббат ҳам рашк билан гўзал. Тўғри, турмуш ўртоғим ниҳоятда рашкчи инсон эди. Аёл ҳамиша оила даврасида бўлиши ва эрига бўйсунишини хуш кўрарди. У инсонда эркакларга хос жиддийлик ҳам, тантилик ҳам бор эди. Ниҳоятда меҳрибон, қўлдан келган ёрдамини аямайдиган инсон эди. Машинада кетаётганимизда йўлдан кекса инсонлар чиқса, албатта, тўхтаб, уларни манзилига етказиб қўярди. Баъзан аёллигимга бориб, «Яқин йўлни узоқ қилдингиз», десам, «Савоб бўлади, биз ҳам қариймиз», деб кулиб қўярди.

— Ижодингизни давом эттириш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

— Мен фақатгина қизимни дунёга келтиргач уч йил танаффус қилганман, холос. Ундан кейин филармониядаги ишимга қайтганман. Ҳозир ҳам у ерда ишлайман, концерт ва тадбирларда иштирок этаман. Аммо шоу-бизнесдан йироқлашганман. Боиси менга бугунги санъат билан боғлиқ вазиятлар тушунарсиз. Пул тўлаб, телевизорга чиқиш, битта қўшиқ яратиш учун фалон пул сарфлашни тушунолмайман. Аввало, менда шунча маблағ йўқ, бундан ташқари, тўй хизматларига чиқиш иштиёқим ҳам сўнган. Мен фақатгина кўнгил майлига қараб қўшиқ яратишни ва қизимнинг тарбияси билан шуғулланишни истаяпман.

— Одатда фарзандлар ота-онасининг касбига меҳр қўяди. Қобилият ҳам шунга яраша инъом этилади. Қизингиз ҳам санъаткор бўлиш ниятидами?

— Қизим Шодиябегим болалигидан фортепиано чалишга қизиқарди. Бир неча бор кўрик танловларда ғолиб бўлганди. Глиер номидаги мусиқа мактабининг энг олди ўқувчиларидан бири эди. Афсуски, устозлари бармоқларининг калталиги сабаб бошқа мусиқа асбобни ўрганишни тавсия қилишди. Бу қарор қизимга ва дадаси раҳматлига ёқмади (кулиб). Қизим бир неча ой бармоқларининг ўсишини интиқлик билан кутди. Ҳозир у 16 ёшда, мусиқа санъатидан ташқари, актёрлик соҳасига ҳам қизиқади.

Киритилди: 14:16 29.10.2020. Ўқилди: 17637 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!