Қуръони каримда зикр этилган ягона аёл у Марям бинти Имрондир. Ояти каримада бундай дейилади: “Яна ўз номусини сақлаган аёл – Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз ўз (даргоҳимиздаги) руҳимиздан унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Унинг амрига) итоат этувчилардан бўлди” (Таҳрим сураси, 12-оят).
Ўз номусини сақлаган Марям бинти Имрон муборак Китобда 34 бора ёд этилган. У зотга Жаноби Ҳақ осмондан дастурхон туширган. Исо алайҳиссалом Қуръонда Марям ўғли Исо деб зикр этилиши Аллоҳ таолонинг Марям онамизга лутфидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида: “Жаннат аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрон, Осиё бинти Мазоҳим, Хадича бинти Ҳувайлид ва Фотима бинти Муҳаммад”, деб марҳамат қилдилар (Муттафақун алайҳ).
Демак, ҳар бир аёлнинг жаннатга ноил бўлишининг сири ҳадиси шарифда айтиб ўтилган солиҳа оналаримизнинг ҳаёт тарзларида яширин. Улар қандай яшадилар, нималар қилдилар?! Аввало, номусларини асрадилар. Зеро, аёл кишининг энг катта бойлиги номусидир.
Бугун, биз ёшларимизга, айниқса, муслималарга ана шу ҳақиқатларни англатишимиз лозим. Тарбия қилаётган қизларимизга ҳадиси шарифда зикр этилган солиҳа оналаримизнинг ҳаёт йўлларини ўрнак қилиб кўрсатишимиз керак.
Нигора МИРЗАЕВА
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан