Ярим орол бўйлаб шаҳарлар электр таъминотисиз қолди, деб ёзмоқда DW.
Украина Қуролли Кучлари ҳужумларидан сўнг Қримда электр энергиясининг оммавий узилиши содир бўлди.
"Интерфакс" агентлигининг "Кримэнерго" ишонч телефонига таяниб ёзишича, бунга ташқи таъсир оқибатида юқори кучланишли тармоқларда юзага келган технологик носозликлар сабаб бўлган.
Компания маълумотларига кўра, ярим оролнинг барча шаҳар ва туманларидаги истеъмолчилар вақтинча электр таъминотисиз қолган. Мутахассислар электр узатишни тиклаш устида ишламоқда.
Аввалроқ Севастополда электр таъминотида узилишлар кузатилгани хабар қилинган эди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ўтган тунда шаҳар ташқарисидаги энергетика инфратузилмасига берилган зарба оқибатида шаҳар вақтинча электрсиз қолган. Эрталаб контакт тармоғида кучланиш йўқлиги сабабли троллейбуслар қатнови тўхтатилган эди.
Кейинроқ расмийлар аксарият турар жойларни электр билан таъминлаш тикланганини маълум қилди. Қолган истеъмолчилар захира электр таъминоти схемаларидан фойдаланган ҳолда босқичма-босқич тармоққа уланмоқда, дейилади хабарда.