Қозоғистонда 13 ноябрдан бошлаб янги товуқ тухумларини мамлакатга олиб киришга икки ой муддатга вақтинчалик тақиқ жорий этилди. Чеклов Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларини ҳам ўз ичига олган ҳолда, барча хорижий мамлакатлардан амалга ошириладиган етказиб беришларга тааллуқли.
Тегишли буйруқни 2026 йил 12 ноябрь куни Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров имзолаган.
Ҳужжатга мувофиқ, тақиқ барча транспорт турларига нисбатан амал қилади. Бироқ товуқ тухумларининг Қозоғистон ҳудуди орқали транзит тарзида олиб ўтилишига, жумладан, ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасидаги ташувларга чеклов татбиқ этилмайди.
Шунингдек, буйруқ кучга киргунига қадар экспорт учун расмийлаштирилган, аммо Қозоғистонга кейинроқ етказиб берилган маҳсулот партиялари учун ҳам истисно назарда тутилган. Бундай ҳолатларда маҳсулотни олиб кириш учун тегишли божхона декларацияларини тақдим этиш талаб қилинади.
Бундан ташқари, 13 ноябрга қадар мамлакат ҳудудига амалда етиб келган тухум партияларини ҳам уларнинг келган санасини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида расмийлаштиришга рухсат берилади.
Ушбу чеклов вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, икки ой давомида амал қилади.