Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда Хитой тажрибасидан фойдаланилади

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда Хитой тажрибасидан фойдаланилади
Тошкентда 10 сентябрь куни “Хитой Халқ Республикасининг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича тажрибаси ва уни Ўзбекистонда қўллаш имконияти” мавзусида Ўзбекистон – Хитой конференцияси бўлиб ўтди.
 
Анжуманда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, шунингдек, ХХР Халқ вакиллари Умумхитой мажлиси делегацияси вакиллари иштирок этди.
 
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари икки давлат раҳбарларининг мунтазам тус олган мулоқотлари натижасида янги босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил апрель ойида “Бир макон – бир йўл” халқаро форуми доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Мулоқот чоғида кўплаб йўналишлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур конференция ҳам икки давлат раҳбарлари ўртасидаги узвий мулоқотнинг, сермаҳсул келишувларнинг натижаси сифатида ташкил этилди.
 
Аграр соҳани ислоҳ қилишнинг ўзига хос йўлини танлаган Хитой қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришган давлатлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мазкур мамлакатнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги салоҳиятини юзага чиқариш имконияти мавжуд.
 
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага бозор механизмларини жорий этиш, маҳсулотни қайта ишлаш тизими ва қўшимча қийматни шакллантиришни янада такомиллаштиришда сезиларли натижаларга эришилмоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича узоқ истиқболли янги вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, асосий ўсиш марраси, иқтисодиётнинг драйвери сифатида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида минглаб янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг реал даромадини оширишга эришилади.
 
Анжуманда аграр тармоққа инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Маълумки, қишлоқ хўжалигига инновацион ғояларни жорий этиш ХХР иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Аграр тармоқни самарали ислоҳ қилиш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш туфайли Хитой озуқа экинлари, чорвачилик маҳсулотлари, мева-сабзавот етиштириш ҳажми бўйича дунёда етакчи давлатга айланди.
 
Иқтисодиётнинг аграр секторини модернизация қилишда фан ва технологиялар муҳим ўрин тутади. Ишлаб чиқаришни ахборотлаштириш ва интеллектуаллаштириш туфайли қишлоқ хўжалигига агроинновацияларни жорий этиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида деҳқонлар даромади ортишига ҳам хизмат қилади.
 
Конференцияда мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш жараёнида сув хўжалигини яхшилаш масаласи ҳам муҳим экани таъкидланди. Зеро, сув ресурслари чекланганлиги муаммоси Хитой учун ҳам, Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Шу маънода, суғоришнинг Хитой амалиётида синовдан ўтган самарали усуллари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
 
Анжуманда қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан ривожлантириш ва аграр тармоқда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган янги инновацион биотехнологияларни, соҳани мониторинг қилиш тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш каби бошқа бир қатор масалалар ҳам муҳокама этилди.
 
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, эркин савдо ҳудудларини ривожлантириш ҳамда эркин иқтисодий зоналарнинг Ўзбекистон минтақаларини иқтисодий ривожлантиришдаги ўрнини ошириш лозимлиги қайд этилди.
 
ХХР Халқ вакиллари Умумхитой мажлиси делегацияси аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан ҳам учрашди.
Manba: uza. uz
Киритилди: 21:30 10.09.2019. Ўқилди: 2705 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!