Қирғизистонда мамлакат ҳудуди орқали АҚШдан Россияга 300 дан ортиқ ўқотар қурол етказиб берган трансмиллий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилди.
"Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси АҚШ-Қирғизистон-Россия йўналиши бўйича ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва ҳарбий кийим-кечаклар ноқонуний савдоси ҳамда контрабандаси билан шуғулланувчи трансмиллий гуруҳнинг жиноий фаолиятини аниқлади ва унга барҳам берди. 2022 йилдан буён улар Қирғизистон орқали Россияга 300 дан ортиқ ўқотар қурол ўтказишган, бунда асосий харидорлар жиноий гуруҳ аъзолари бўлган," - дейилади хабарда.