Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб, 24 kg хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 февраль куни ижтимоий тармоқларда 75 нафар фуқаро президент Садир Жапаров ҳамда Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Турғунбек ўғлига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш бўйича мурожаат йўллагани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур мурожаатни академиклар, собиқ бош вазирлар, собиқ парламент аъзолари ва жамоат арбоблари имзолаган.
Вазирликка кўра, мурожаатдаги айрим баёнотлар жамоатчилик орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳамда ижтимоий-сиёсий вазиятни мураккаблаштирган.
Шу асосда Ички ишлар вазирлигининг Тергов хизмати Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси – оммавий тартибсизликлар – бўйича жиноий иш қўзғатган.
Оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумонланиб, Эмилбек Узоқбоев, Қурманбек Дийқанбоев ва Бекболот Талғарбеков ҳибсга олинган. Улар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакат президенти Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод қилинганди.
Қамчибек Ташиев соғлиғидаги муаммо сабабли президент рухсати билан Германияга даволаниш учун боргани, ишдан олингани ҳақидаги қарор кутилмаганда юз берганини билдирган.