Қирғизистон оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги туҳмат ва ҳақорат учун юқори жарималар жорий этиш ниятида. Жогорку Кенешнинг Қонунчилик, ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси “Қирғизистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Қонун лойиҳасида оммавий ахборот воситалари ва интернет сайтларида ҳақорат ёки туҳмат учун жисмоний шахсларга 1000 БҲМ(100 минг сом), юридик шахсларга 2000 БҲМ (200 минг сом) миқдорида жарима солиш назарда тутилган.
Қирғизистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Орозбек Сидиқовнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги постлар остидаги туҳмат ёки ҳақоратомуз мазмундаги изоҳлар учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда интернетдаги туҳмат ва ҳақорат учун жазони кучайтириш таклиф қилинаётгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, мамлакатда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини бузганлик учун давлат мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, меҳнат миграциясига кетаётган ота-оналарга фарзандларини васий ва ҳомийларни аниқламай қолдирганликлари учун жарима солиш таклиф этилмоқда