Савдонинг иши қизиқ-да! Нуқул ибодат маҳалида дўконни одам босади. Энг қизиқ томони шундаки, чиқиб кета олмай қоласиз. Баъзида савдо билан андармон бўлиб базўр улгуриб қоламан. Масжидимиз бозордан унча узоқ эмас. Тахминан бир чақиримча чиқади. Дўкондан чиқиб қадамимни тезлатганча масжид томон шошилдим. Ахир бугун мискинларнинг ҳаж куни ҳисобланмиш муборак жума аёми эди. Йўлларда пиёдалар гавжум, ёш-яланглар худди мен каби масжид эшиклари сари оқиб келаётганди. Мен атрофимдаги тумонат одамлар оқимига қўшилиб олиб масжид сари кетарканман, қалбимда қандайдир ғурур ҳиссини туяман. Қанча шошилмай, жамоат аллақачон хонақоҳга сиғмай масжид ташқарисига чиқиб кетган, йўллар тўсилиб асфальт йўлларга одамлар жойнамоз тўшаб олишибди.
Бизнинг масжид шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан бирида жойлашган бўлиб, шундоққина катта асфальт йўлнинг ёқасида эди. Мен ҳам аста асфальт йўлнинг бир чеккасига чўккаладим. Кўзларим билан ўтиришга жой қидирардим. Қиш бўлса ҳам майли эди, устимдаги кийимни шундоқ ерга ёзиб, оламларниниг эгаси бўлган зотга саждага бош қўяр эдим. Ҳозир ёзнинг чилласи. «Э, майли, бир йўлини қиларман», — дея секин атрофга қарадим. Машина йўлининг у бошидан бир одам елкасида юк орақалаб келаётганди. Кўринишидан дарров танидим, бу — ўзимизнинг Димамизку. Секин жилмайдим. Дима масжиддан сал нарида жойлашган ахлатхона олдидаги кулбада яшар, унинг иши шу ахлатларни саранжонлаб уларни жой-жойига ўтказиш эди. Дима шу йўл билан тирикчилик қиларди. У деярли русча гапирмас, равон ўзбек тилида гаплашар, намозхонларга салом бериб, уларни қаттиқ ҳурмат қиларди. Унинг ёшини ҳам, қаердан келганини ҳам ҳеч ким билмас, қизиқмас, у ҳаммамиз учун шунчаки ДИМА эди тамом. У ўзининг бошқа ҳамкасбларидан кескин фарқ қиларди. Доим озода юрар, соч-соқоли қиртишланган, оёқ кийими ҳам доим ялтираб турарди. Биз унга қараб завқимиз келар, ҳазиллашиб «олифта» деб қўярдик. У эса нуқул илжаяр, ҳеч ҳам жаҳли чиққанини кўрмаган эдик. Дима кунора масжиднинг таҳоратхонасини тозалаб чиқиб кетар экан. Буни бир танишимдан эшитиб ҳайрон бўлгандим. Энг қизиғи, у Масжиддаги намозхонларнинг ҳаммасини деярли танийди, ҳаммани исмини айтиб сўрашиб ҳам қўяди. Ўзбек халқида бир одат бор. Ким бизниниг тилимизни ва динимизни ҳурмат қилса, биз учун у қардошдек гап. У иккаласини ҳам ҳурматини жойига қўйиб қўярди. Шунга яраша бизнинг танти одамлар уни «ўзимизнинг Димамиз» деб атарди...
У ҳозир ҳам башанг кийинган: эскироқ бўлса ҳам оҳори тўкилмаган жинси шим, устида енги калта кўйлак, оёқларида крассовка. Худди америкаликлардек (унинг усти-бошини бозордаги айрим биродарларимиз қилиб беришарди). У асфальт йўлда ўтирган оломоннинг олдига келдида, елкасидаги юкни туширди. Қарасам елкасида банан мевасининг махсус коробкаларини йиғиб келаётган экан. У бироз бизга қараб турдида, шартта каробкаларни иккига бўлиб одамаларга улаша бошлади. Жойнамоз учун ҳозир бундан қулайини топишни сира иложи йўқ эди. У бир зумда анча-мунчамизни «жойнамоз»лик қилди. Шу пайт азон овози эшитилди. Ҳамма тик турганлар ҳам бир зумда ўтириб олди. Бутун оломон сукунатга чўмди. Қарасам, Дима хам чўккалаб ўтириб олибди. Масжидга ўрнатилган карнайлардан қалбларни титратувчи азон товуши таралаётганди. Шу пайт секин бошимни кўтариб йиғилган жамоатга қарадим. Ва ўйга толганча жилмайдим! Биласизми, Исломнинг нимаси буюк? Чунки у бойга ҳам камбағалга ҳам, ёшу-қарига ҳам, ҳамма-ҳамма учун бир! Оллоҳ уларнинг қалбларига қарайди...
Ёқимли азон янграб ўтгач, жамоат бир лаҳзада оёққа қалқиди-да, минглаб эркаклар бир зумда бир-бирлари билан елкама-елка турганча, Оллоҳ олдида бош эгишди. Шу ҳолида улар сафланган шерлардай салобатли эдилар. Шу пайт олдимда турган Дима ҳам кулбасига чопиб кетди. Уни биттаю битта камчилиги ҳам шунда эди. Намоз ўқимас, исломни қабул қилишларини таклиф этса, «ўйлаб кўряпман», — дея жавоб берарди. Лекин ҳеч ким унинг жавобларидан ундан хафа бўлмасди...
Намозни ўқиб, ўша куни одамлар оқимида ишхонага қайтарканман, ҳамманинг оғизда бир гап: кейинги жума Муборак Рамазоннинг биринчи куни бўларкан, дея бир-бирларига мужда бериб қўйишарди. Мен ҳам ҳавонинг иссиқлигини ўйлаб бироз кўнглим ҳижил бўлдию, «Оллоҳ ўзи сабр беради!», — дея хаёлимдаги фикрни қувдим...
Кейинги жума ишхонага рўзадор бўлиб келдим. Дўконимда ўтирсам, биродарим Мўмин шошилиб келиб қолди (у доим мен ўзим учун ўрнак қилиб олган мусулмон йигит эди).
— Юринг, биродар, бир биродаримиз омонатини топширибди.
Муборак ойнинг илк кунида, яна жума куни омонатини топширган одам ким экан дея секин ўрнимдан турдим. Бирга масжидга яқинлашганимизда одамлар хонақоҳ атрофида ерга гилам тўшаётганди. Сал узоқроқда, Диманинг кулбаси ёнида эса тумонат одам тўпланганди. Мўмин “юринг”, дея қўлимдан ушлаб ўша томонга бошлади. Мен нима бўлаётганини тушунмай унга эргашдим. Кулбага яқинлашганимизда ичкаридан эркакларниниг йиғлаб чиқаётганини кўриб ғалати бўлиб кетдим. Маҳалладагилар уни ювиб кафанлаб қўйишган, жанозага олиб чиқишга тайёрланишаётганди. Мен Мўминга қараб «қандай қилиб? Аҳир у Исломни қабул қилмаган эдику», — дея улгурмасдан, у қўлини лабига қўйиб юринг дея ишора қилди. Одамларнинг орасини ёриб ўтиб, кулбаниниг очиқ ойнасидан ичкарига қарадим. Унда оқ кафанга ўралган ўзимизнинг қадрдон Димамиз ётар, хонада эса... Ҳайратдан оёқларим қалтираб кетди. Хонанинг қибла томондаги деворида Каъбанинг эскироқ расми илинган эди. Торгина хонада жуда тартиб билан жойлаштирилган буюмларар орасида жойнамоз ва тасбеҳ токчанинг устида шундоқ кўриниб турарди. Мен ҳали тўла англаб улгурмасимдан Мўмин йиғлаб юборди. “Бирдоримизни бериб қўйдик”, дея секин кулбадан узоқлашди... Тушуниб-тушунмай унга эргашдим, у мени олдимга келдида, кўз ёшларини артиб бўғиқ овозда:
— Кеча исломни қабул қилган экан, эрталаб масжидда саҳарлик қилиб, бомдодни ўқиб уйига кетган экан.
Уёғига гапира олмай қолди...
Масжидимиз имоми бомдодда уни масжидда калимаи шаҳодат келтирганини кўрган учта гувоҳ билан бориб черковдан келганларни ортига қайтариб юборибди... Тўғриси, оёқларим қалтираб кетди. Шу пайтда шу одамнинг ўрнида бўлиш учн хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, боримни беришга тайёр эдим. Секин Мўминнинг ортидан масжидга эргашиб кирдим...
Ўша жума масжидда тумонат одам йиғилди. Бу хабарни эшитган мусулмонлар биродарларини охирги йўлга кузатишга оқиб келишарди...
— Майитнинг агар қарзлари бўлса, мен бўйнимга олдим, — дея имомимиз жанозани ўқиди.
Сўнг яшил тобут жамоат томондан сўнгги йўлга чиқди. Рўза оғиз, жума куни сафимиздан кетган биродаримизни тобути қўллар узра осмонда учиб борарди...
Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ