Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар фонида Қатар ҳудудида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари аниқланмади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси маълум қилди.
“Дунё” АА хабар беришича, 1 март ҳолатига кўра Қатарда 600 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Улардан:
Қайд этилишича, 28 феврал куни Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши ва бир қатор халқаро рейслар бекор қилиниши натижасида 48 нафар ватандош Доҳа шаҳридаги Ҳамад халқаро аэропортида қолиб кетган. Улар Тошкентга Шаржа, Дубай ва Олмаота аэропортлари орқали учиб кетиши керак эди.
Ҳамад халқаро аэропорти маъмурияти, шунингдек, Qatar Airways, Air Arabia ва Saudia Airlines авиакомпаниялари йўловчиларга меҳмонхона тақдим этиш имконияти чекланганини маълум қилган.
Шу куннинг ўзида элчихона масъул ходимлари аэропортга чиқиб, фуқароларнинг ҳолатини ўрганган ҳамда авиакомпаниялар ва аэропорт маъмурияти билан музокаралар олиб борган. Элчихона томонидан фуқаролар билан доимий алоқа ўрнатилиб, зарур консуллик ёрдами кўрсатилган.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраган фуқаро ва бошқа ватандошлар билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга амалий кўмак кўрсатилган ва фуқаролар вақтинча меҳмонхонага жойлаштирилган.
Элчихона маълумотига кўра, рейсларнинг бекор қилиниши турли давлатлар фуқароларига таъсир кўрсатган фавқулодда вазият бўлиб, жойлаштириш имкониятлари чекланган шароитда амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан, дипломатик ваколатхона мавжуд имкониятлар доирасида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ишларини давом эттирмоқда.
Қатар ҳаво ҳудуди очилиб, авиақатновлар қайта тиклангандан сўнг фуқароларнинг ватанга қайтиши мумкин бўлиши таъкидланган. Айни пайтда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг хавфсиз қайтиб кетишларига кўмаклашиш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда. Йўловчилар рўйхати тузилган ва мунтазам янгиланиб борилмоқда.
Элчихона фуқароларни ваҳима қилмасликка, воқеалар юзасидан фақат расмий манбаларга таянишга чақириб, хавфсизлик нуқтаи назаридан Қатар расмий идоралари кўрсатмалари ва маҳаллий қонун-қоидаларга тўлиқ амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ҳамда одамлар гавжум жойлардан узоқроқ бўлишни тавсия қилди.
Қатарда туризм мақсадида вақтинча бўлиб турган ватандошлар элчихона консули Отабек Муродов билан боғланиши мумкин: +974 5141 1001.