Бугун 2 май, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

“Қалъа” романи ўзбек тилида нашр этилди

“Қалъа” романи ўзбек тилида нашр этилди

Миллий матбуот марказида XX аср жаҳон насрининг фавқулодда вакили Франц Кафканинг ўзбек тилида чоп этилган “Қалъа” романи тақдимоти бўлиб ўтди. Асарни она тилимизга атоқли ижодкор Вафо Файзуллоҳ таржима қилган.

Австрия империясининг Чехия ҳудудида таваллуд топган улуғ ёзувчи Франц Кафка асарларининг олтидан бир қисми ҳам унинг ўзи ҳаётлигида чоп этилмаган эди. Кафка ўлимидан сўнг дўсти – Макс Бродга ўз асарларини йўқ қилиб юборишни васият қилади. Бироқ адиб вафотидан сўнг Макс васиятнинг тескарисини бажариб, Кафка асарларини бирин-кетин нашр эттиради. Бугунги кунда Франц Кафка дунё адабиётида асарлари энг кўп ўқиладиган ёзувчи саналади. Унинг китоблари замонавий наср тараққиётига кескин таъсир кўрсатгани билан аҳамиятли.

Она тилимизга Кафканинг асарлари ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан таржима этила бошланган. Унинг шов-шувли асари бўлмиш “Жараён” романи асримиз бошига келибгина Вафо Файзуллоҳ томонидан таржима қилинган ва ҳозиргача қайта-қайта нашр қилинади.

Франц Кафканинг “Қалъа” романини ҳам она тилимизда мутолаа қилиш имконияти яратилди. Яқинда адибнинг “Қалъа” асари “Муҳаррир” нашриётида 3 минг тиражда чоп этилди.

“Қалъа” Кафканинг сўнгги романидир. Кафкашунослар бу асар устида ёзувчи 1917-1921 йиллар оралиғида иш олиб борган, илк марта ёзувчининг дўсти Макс Брод томонидан 1928 йили нашр этилган, деб эътироф этадилар. Адабиётшунослар Кафканинг уч романига ҳам сўнгги нуқта қўйилмаган, деб маълумот беришади. Бу жиҳатлар “Қалъа”да ҳам яққол сезилади... Айрим адабиётшунослар эса Кафка битикларини айнан шу асари боис модернизм асосчиларидан бири Жеймс Жойс ижодидан ҳам юқори қўядилар.

“Қалъа”нинг руҳий залвори бобдан бобга ўтгани сари ортиб бораверади. Тасвирнинг зоҳирийдан ортиқ, ботиний манзаралари, баҳс ва мунозараларининг психологик талқини инсоннинг энг улуғ мақсади – ҳаётда ўз ўрнини топиш йўлидаги уринишларидан гўзал ривоятлар сўзлайдики, буларнинг бари китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Тадбирда “Қалъа” романининг таржимаси, ушбу асарнинг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.

Киритилди: 08:33 19.04.2024. Ўқилди: 465 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!