Россия президенти Владимир Путин, АҚШ етакчиси Дональд Трамп ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммити доирасидаги учрашувининг бир қисми оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқ бўлади.
Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«Бу жуда муҳим учрашув бўлиб, замонавий дунёда ҳақиқатан ҳам ўхшаши бўлмаган ва ҳозиргача ҳам муқобили мавжуд эмас», — дея таъкидлади Кремль вакили.
Унинг қўшимча қилишича, уч томонлама учрашувнинг асосий мавзулари аллақачон келишиб олинган.
«Биз воқеалардан олдин хулоса чиқармоқчи эмасмиз. Учрашув давомида айрим масалалар бўйича импровизация ҳам бўлиши мумкин», — дея аниқлик киритди Песков.
Унинг сўзларига кўра, Путин ва Трампнинг икки томонлама учрашуви аниқ қайси вақтда бўлиб ўтиши ҳозирча белгиланмаган. Айни пайтда бир нечта вариант кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АТЭС саммити 18–19 ноябрь кунлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтади. Дональд Трамп уч томонлама учрашувда Украина атрофидаги вазият, Эрон масаласи ҳамда ядровий қуролсизланиш мавзулари муҳокама қилинишини маълум қилган эди.