Бугун 9 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Президент Юқори Чирчиқдаги электротехника корхонаси фаолияти билан танишди

Президент Юқори Чирчиқдаги электротехника корхонаси фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги «NURA Electric» заводи фаолияти билан танишди. 50 млн доллар инвестиция киритилган корхонада 1 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.

«NURA Electric» юқори ва паст кучланишли электротехника ускуналарини тўлиқ технологик цикл асосида ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 20 гектар майдонда жойлашган заводда 1,5 мингдан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Корхонада 0,4–500 киловольт кучланишли тақсимлаш қурилмалари, нимстанциялар, қайта тикланувчи энергия манбалари учун автоматика шкафлари, электр шиналар ва металл конструкциялар тайёрланади. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 мингдан ортиқ ускунани ташкил этади.

Ишлаб чиқариш жараёнида Япониянинг «Amada», Туркиянинг «Durma» ва «Teslabend» компаниялари ускуналаридан фойдаланилади. Корхонада рақамли бошқарувли дастгоҳ ва прессларнинг умумий сони 120 тадан ошади.

Ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари «SAP ERP» ягона рақамли платформаси орқали мувофиқлаштирилади. Жараёнларни оптималлаштириш, маҳсулот ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш ҳисобига маҳсулот таннархини 10 фоизгача пасайтиришга эришилган.

Мажмуада аккредитациядан ўтган синов лабораторияси фаолият юритади. Маҳсулотлар халқаро ISO стандартлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилади. Корхона ускуналарни тўлиқ бутлаш, ўз лабораториясида синовдан ўтказиш ва кеча-кундуз сервис хизмати кўрсатиш имкониятига эга.

Малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш мақсадида «Ўзэнергоинжиниринг» акциядорлик жамияти ва Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили университетнинг 100 нафардан ортиқ талабаси корхонада ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди.

Президент заводда маҳаллий хомашё ва замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган трансформатор станциялари, тақсимлаш қурилмалари ҳамда бошқа энергетика ускуналари билан танишди. Шунингдек, ходимлар билан суҳбатлашиб, улар учун яратилган меҳнат шароитлари ҳақидаги фикрларини тинглади.

Давлат раҳбари ички бозор талабини қондириш билан бирга Марказий Осиё ва бошқа хорижий бозорларга экспортни кенгайтириш, соҳага юқори малакали маҳаллий мутахассисларни жалб этиш бўйича тавсиялар берди.

— Биз фақат маҳсулот эмас, инжиниринг хизматларини ҳам экспорт қилишимиз керак. Бунинг учун ўзимизда шаклланаётган лойиҳалаштириш ва синов лабораториялари имкониятларидан кенг фойдаланишимиз зарур, — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар турини кўпайтириш, уларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда сервис хизматлари кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Энергетика соҳасидаги лойиҳаларда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсадида лойиҳаларни ишлаб чиқишда маҳаллий лойиҳа институтлари улушини камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

— Ўзимизнинг лойиҳачиларимизга ишонишимиз, уларга шароит яратишимиз керак. Хорижда ўқиган, тажриба орттирган ёшларимиз бор. Уларнинг атрофида мутахассисларни бирлаштириб, буюртма билан таъминласак, бу соҳани ривожлантиришга қодирмиз, — деди Президент.

Шу мақсадда ҳудудларда энергетика соҳасига ихтисослашган лойиҳа институтларининг филиалларини ташкил этиш белгиланди.

Киритилди: Бугун 16:15. Ўқилди: 340 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар