Бугун 24 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Президент Тошкентдан Паркентга электропоездда борди

Президент Тошкентдан Паркентга электропоездда борди

Бугун, 20 ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридан Паркент туманига янги электрлаштирилган темир йўл тармоғи орқали қатнаётган электропоездда келди. Давлат раҳбари сафар давомида транспорт инфратузилмаси ва вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.

Президент Тошкентдан Паркентга электропоездда борди

Пойтахт билан Паркент туманини боғлаш мақсадида давлат раҳбарининг 2025 йил 27 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ янги электрлаштирилган темир йўл линияси қурилди. Тошкент – Паркент йўналишида электропоезд қатнови жорий йил сентябрь ойидан йўлга қўйилган.

Лойиҳа доирасида 535,4 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 24 километрлик Байтқўрғон – Паркент электрлаштирилган темир йўл линияси барпо этилди.

Қурилиш ишлари натижасида битта янги бекат, учта кўприк, автомобиль йўл ўтказгичи, 77 та сув ўтказиш иншооти ҳамда 16 та автомобиль ва темир йўл кесишмаси қурилди. Шунингдек, 24 километрлик контакт тармоғи ва электр узатиш линияси барпо этилди. Лойиҳа доирасида 40 та янги иш ўрни яратилди.

Янги темир йўл пойтахт ва Паркент ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш, туманнинг туристик жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Умумий масофаси 57,6 километр бўлган Тошкент – Паркент йўналишида олти вагонли замонавий «ЭП3Д» электропоезди қатнамоқда. Қиймати 124 миллиард сўм бўлган поезд 586 нафар йўловчига мўлжалланган ва соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Электропоезд Тошкентдан Паркентгача бўлган масофани 1 соат 13 дақиқада босиб ўтади. Йўл ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган. Бу ушбу йўналишдаги такси хизмати ўртача нархидан 2,5 баробар арзон.

Янги йўналишда кунига 2 минг нафаргача, йилига эса 300 минг нафар йўловчини ташиш имконияти мавжуд.

Вагонлар иқлим назорати тизими, қулай ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ва бепул Wi-Fi билан жиҳозланган. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ва мослаштирилган жойлар, велосипедларни ташиш мосламалари ҳамда электрон ахборот таблолари ўрнатилган.

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун видеокузатув ва тўқнашув пайтида зарба кучини камайтирувчи тизимлар ҳам назарда тутилган.

Сафар давомида Президент Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталди. Жумладан, ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш тармоқлари салоҳиятини камида икки баробар ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари Паркентнинг янги вокзал станцияси билан танишди. У темир йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш, вокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўловчилар учун қулай шароитларни кенгайтириш, қатновлар самарадорлигини таъминлаш ва темир йўлга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Киритилди: 13:55 20.11.2026. Ўқилди: 1057 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар