Бугунги кунда юртимизда 10 мингга яқин маҳалла бор. Шундан қарийб 3 мингтаси кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, уларга 821 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Ҳовли уйлар жойлашган 6 минг 400 дан зиёд маҳаллада эса ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, асосан, ҳашар билан қилинади.
Шу боис бундай жойларда “Маҳалла сервис компанияси” ташкил қилиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, бу ташкилотлар маҳаллаларни ободонлаштириш билан шуғулланади, кўчалар ва ариқлар тозалигини таъминлайди, кўчатлар экиб, парваришлайди. Шартнома асосида коммунал тармоқларни таъмирлаш, чиқиндиларни саралаш ва ташиш хизматларини ҳам кўрсатади.