Бугун 26 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Поранинг қандай кўринишлари бор?

Поранинг қандай кўринишлари бор?

Порахўрлик - бошқарув органлари фаолияти тартибига қарши қаратилган уч мустақил мансаб жиноятлари - пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилишни ўз ичига оладиган атама.

Ҳар қандай моддий қимматликлар: пул, хорижий валюта, қимматбаҳо буюмлар, қимматбаҳо қоғозлар, озиқ-овқат ёки саноат маҳсулотлари ва бошқалар пора предмети бўлиши мумкин. Пора предметига, шунингдек, пора берувчи томонидан текинга ёки паст нархларда амалга ошириладиган мулкий характердаги турли хилдаги хизматлар ҳам киритилади (масалан, таъмирлаш ишларини амалга ошириш).

Гарчи кўп ҳолларда пора бевосита ёки воситачи орқали пул бериш шаклида берилишига қарамай, мазкур жиноят предметининг серқирралиги пора олиш ва беришнинг худди шундай серқирра усулларини келтириб чиқаради. Амалиётда пора беришнинг қимматли буюмни арзон сотиш, карта ўйинида олдиндан тил бириктирган ҳолда ютқизиб қўйиш, сохта мансаб бериш ва пора олувчи, унинг қариндошлари ёки бошқа ишончли шахсларга мунтазам равишда иш ҳақи тўлаб туриш каби бошқа “ниқобланган” усуллари ҳам мавжуд.

Амалиётда шундай ҳоллар ҳам учраб турадики, моддий қимматликларни олаётган мансабдор шахс моддий қимматликлар муассаса томонидан кўрсатилган хизмат эвазига олинаётганлигига ишонтириш орқали мазкур қилмишларнинг қонунийлигини кўрсатиш учун, уларни бераётган шахсларни чалғитишга ҳаракат қилади. Пора предметлари пора олувчига - мансабдор шахсга бевосита ва воситачи - оила аъзолари, танишлар ва ҳоказолар орқали берилиши, шунингдек, пора олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига кўчирилиши ҳам мумкин.

Мансабдор шахс томонидан унинг шахсий ва ижтимоий ҳаётидаги бирор-бир воқеа муносабати билан қиймати жиҳатидан унча қиммат бўлмаган совғалар олиниши пора ҳисобланмайди. Масалан, юбилей муносабати билан унча қиммат бўлмаган қўл соати, диссертация ҳимояси муносабати билан гулдаста, конфет, фахрий унвонлар олиниши.

Шу билан бирга, мулкий характерга эга бўлмаган фойдалар пора предмети бўлиши мумкин эмас. Масалан, мансабдор шахс томонидан бошқа шахс манфаатларига қаратилган ўз ҳаракатлари учун номоддий характердаги хизматлар олиш: ижобий тавсифнома, тавсиянома, мақолага тақриз ва бошқалар. Муайян шартлар мавжуд бўлган ҳолда мазкур ҳаракатлар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш сифатида квалификация қилиниши лозим.

 

Д.Хушиев, Зарафшон шаҳар маъмурий судининг судья ёрдамчиси

 

 

Киритилди: 14:18 30.05.2020. Ўқилди: 3464 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!