Бугун 25 декабрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Покистондан импорт қилинган мевалар таркибида зараркунандалар аниқланди

Покистондан импорт қилинган мевалар таркибида зараркунандалар аниқланди

Покистондан импорт бўлган маҳсулот учун расмийлаштирилган 30 дан ортиқ фитосанитар сертификат қалбаки эканлиги аниқланди.

Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар берди.

Ҳар йили қиш мавсумида республикада цитрус меваларига бўлган талаб юқори бўлиб, мазкур турдаги маҳсулотларнинг импорт ҳажми ортади. Меваларнинг катта қисми Ўзбекистонга Покистон давлатидан импорт қилинади. Табиийки, олиб кирилган маҳсулотлар карантин назоратидан ўтказилади.

Бир неча кун аввал “Айртом” чегара ўтказиш пункти орқали 26 та транспорт бирлигида Покистон давлатидан олиб кирилган мандарин партиясида карантиности зараркунанда борлиги маълум бўлди. Маҳсулотлардан намуналар олиниб, Агентликнинг Марказий фитосанитария лабораториясида экспертиза ўтказилди. Таҳлил натижасида импорт мевада “Қизил померанес” қалқондори мавжудлиги аниқланди. Мазкур турдаги ҳашарот лимон, хурмо, анжир, олма, олхўри, зайтун, узум каби ўсимликларнинг шираси билан озиқланиб, уларнинг ҳосилдорлигига таъсир кўрсатади. Асосан Покистон, Афғонистон, Жазоир, Ангола, Гвинея, Миср, Танзания, Жанубий Африка ҳудудида тарқалган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Карантин агентлиги Покистон карантин хизмати билан боғланди. Мулоқотда Покистон томони декабрь ойида Ўзбекистонга мандарин экспорти учун фитосанитария сертификати расмийлаштириб берилмаганлигини маълум қилди.

Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, эндиликда Покистондан олиб кирилиши режалаштирилган барча карантин остидаги маҳсулотлар учун берилган фитосанитария сертификати ҳаққонийлиги чегара масканларида Карантин агентлигининг “Э-Фитоуз” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилиб, Покистон давлатининг электрон базасида ушбу фитосанитария сертификати мавжудлиги тасдиқлангандан сўнг маҳсулотлар олиб кирилишига рухсат берилиши белгиланди.

Покистондан мандарин экспорти учун импорт карантин рухсатномаси (ИКР) расмийлаштирилиши вақтинчалик тўхтатилди.

Киритилди: 11:40 24.12.2024. Ўқилди: 550 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!