Покистон хавфсизлик кучлари Исломободда масжид яқинида содир бўлган ва 30 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган террористик ҳужум ташкилотчисини ҳибсга олди.
Бу ҳақда The News газетаси хабар бермоқда.
Хабарларга кўра, ташкилотчи билан бирга унинг уч нафар ёрдамчиси ҳам ҳибсга олинган.
Жиноятчиларни қўлга олиш операцияси шимоли-ғарбий Хайбер Пахтунхва вилоятида ўтказилди. Нашрнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаларига кўра, ҳужум ташкилотчиси ИШИД террорчилик гуруҳи билан боғлиқ бўлган ва Афғонистонда тайёргарликдан ўтган.
Жангариларни ҳибсга олиш жараёнида хавфсизлик кучларининг бир ходими ҳалок бўлган ва яна уч киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни амалга оширилган террористик ҳужум натижасида камида 31 киши ҳалок бўлган, яна 169 киши яраланган. ИШИД портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.