Бугун 20 май, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Покистон Саудияга берган ваъдасининг устидан чиқди

Покистон Саудияга берган ваъдасининг устидан чиқди

Покистон Саудия Арабистонига 8 минг нафар ҳарбий хизматчи ҳамда қирувчи учоқлар эскадрилиясини юборди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ҳукумат ва хавфсизлик тузилмаларидаги манбаларига таяниб хабар берди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши фонида юборилган ҳарбий хизматчилар ва жанговар техника Саудия Арабистонининг мудофаа салоҳиятини оширишга қаратилган.

Маълум бўлишича, Покистон Саудияга апрель ойида Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган 16 дона JF-17 қирувчи самолётлари ҳамда дронлар мажмуасини жўнатган. Араб мамлакатига юборилган ҳарбий техника орасида Хитойнинг HQ-9 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳам бор. Ҳарбий техникани покистонлик мутахассислар бошқараётган бўлса, амалиётни молиялаштириш Саудия Арабистони зиммасида.

Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил сентябрь ойида Саудия Арабистони ва Покистон мудофаага оид стратегик битимни имзолаган эди. Риёз шаҳрида Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланган ушбу ҳужжатга мувофиқ томонлардан бирига қарши уюштирилган ҳужум ҳар иккисига уюштирилган ҳужум деб малакаланади.

Покистон мусулмон оламида ядро қуролига эга ягона мамлакат саналади. Таҳлилчиларга кўра, мудофаа битими Саудия Арабистони ҳам Покистон ядро шамсияси остига олинганидан далолат беради.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги йирик иттифоқчиларидан бири саналган Саудия подшоҳлигининг Покистон билан мудофаа бўйича стратегик битим имзолаши маълум маънода Вашингтон сиёсатига ишончсизлик ифодаси деб баҳоланган.

АҚШ ва Исроил жорий йил 28 февраль куни Эронга қарши кенг кўламли ҳужум бошлаганидан кейин Теҳрон Вашингтоннинг яқин иттифоқчилари сифатида қўшни араб давлатлари, жумладан, Саудия Арабистонидаги ҳарбий ва саноат объектларига ракета ҳамда дронлар орқали ҳужум уюштирди.

Ушбу зиддият Исломобод ва Риёз ўртасида тузилган мудофаа битими учун дастлабки имтиҳон бўлди дейиш мумкин. Покистон томонидан бир неча минг аскар ва жанговар техниканинг юборилиши Исломобод қисман бўлса-да Риёзга берган ваъдасининг устидан чиққанини англатади.

Reuters агентлиги хабарига муносабат билдирган Pakistan Today нашрига кўра, Покистон қўшини Саудияга юборилгани ҳақидаги хабар икки ўртадаги мудофаа муносабатлари ҳақида тўлақонли тасаввур бермайди. Нашр манбалари фикрича, аввалдан режалаштирилган ҳарбий кучларни жойлаштириш амалиёти ва мудофаа битимини минтақадаги беқарор вазиятга боғлаш бу – муносабатларнинг асл мазмунини нотўғри талқин қилиш демакдир. Манбалар Покистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқалар диний, маданий, сиёсий ҳамда иқтисодий ришталарга таяниши ва бу муносабатларга фақат геосиёсат призмаси орқали қарамаслик лозимлигини таъкидлаган.

Айни вақтда Покистон АҚШ/Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли зиддиятда воситачилик қилмоқда. Тинчлик музокаралари ҳам айнан Исломобод мезбонлигида ўтмоқда.

Саудия Арабистони ҳам ушбу урушда расман бетараф мақомда. Аммо подшоҳлик ҳудудида АҚШ ҳарбий объектлари мавжудлиги унинг бетарафлигини савол остида қолдиради.

Жаҳон матбуоти хабар беришича, Эрон томонидан ўз ҳудудига берилган зарбаларга жавобан Саудия Арабистони жорий йил март ойида махфий равишда форс давлатига қарши ҳужумлар уюштирган.

Маълумот ўрнида: Саудия Арабистони ўз иттифоқчилари билан можаро тугагач, Яқин Шарқ давлатлари ва Эрон ўртасида тажовуз қилмаслик пактини тузиш ғоясини муҳокама қилмоқда. Риёз ҳукумати “совуқ уруш” даврида Европадаги кескинликни юмшатган 1970-йиллардаги Ҳелсинки жараёнини потенциал модел сифатида кўриб чиқмоқда.

Киритилди: Бугун 21:11. Ўқилди: 292 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!