Пентагон АҚШ ҳарбийларини доимий жойлаштириш мақсадида Польшада ҳарбий база қуришни маъқуллади.
Бу ҳақда Польша Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
«Польшада АҚШнинг доимий ҳарбий базасини ташкил этиш бўйича Пентагондан “яшил чироқ” ёқилди», — деди Польша бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш Вашингтонда Пентагон раҳбари Пит Хегсет билан ўтказган музокараларидан сўнг.
Вазирлик маълумотига кўра, якуний қарор декабрь ойи бошида Оқ уй томонидан қабул қилинади.
«Бугун биз мудофаа саноати, ишланмалар ва қўшма ташаббуслар соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладик. Польша ва Америка қўшма корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган Америка қурол-яроғларини Европа Иттифоқи маблағлари ҳисобидан сотиб олиш имконияти бўлишини истаймиз. Келаси сешанба куни Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари учрашувида шундай таклиф билан чиқаман. Бугун Польша нафақат НАТОнинг шарқий қанотида, балки бутун Европа хавфсизлигида етакчи сифатида ана шундай ўрин тутмоқда», — деди вазир.