АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс собиқ раҳбари Дональд Трампга қарши 2021 йил Капитолийни эгаллашга уриниш бўйича қўйилаётган айбловни қўллаб-қувватлади.
“Кимки ўзини Конституциядан устун қўйса, ҳеч қачон АҚШ Президенти бўлиши керак эмас. Мамлакатимиз бир кишидан кўра муҳимроқ, Конституциямиз кимнингдир карьерасидан юқори туради. 6 январь куни собиқ Президент Трамп мендан ё уни ё Конституцияни танлашимни талаб қилди: мен Конституцияни танладим ва ҳар доим шундай йўл тутаман”, – деб ёзди Пенс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, Трампга қўйилаётган янги айблов мамлакатда қонун устуворлиги барчасидан муҳимлигини англатади. Пенс ҳам Трамп каби 2024 йил Президент сайловида республикачилар томонидан номзодини кўрсатмоқчи. У овоз берувчиларни ҳар доим Конституция доирасида ҳимоя қилишга ваъда бермоқда.