“Фарзандим ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги керак...”
Оила ёш бўлишига қарамасдан, фарзандининг эртанги куни ва муносиб таъминотини ўйлаган ота алимент маблағларини олдиндан тўлаб берди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси Пахтачи туман бўлими томонидан алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжати юзасидан тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2024 йил 17 июндаги ижро варақасига асосан қарздор У.Н.дан ундирувчи М.У. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор фарзанди келажагини ўйлаб, “Фарзандим ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги керак”, дея 120 миллион сўм алимент маблағини олдиндан тўлиқ тўлаб берди.
Бюро органлари томонидан алимент тўловларини ўз вақтида ундириш, болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар давом эттирилмоқда.