Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айҳан Ҳожизода Россия президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкойнинг Озарбайжонда россиялик ижодкорлар концертларининг бекор қилинишига оид танқидий баёнотига жавоб берди. Расмий баёнот вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Ҳожизоданинг таъкидлашича, Озарбайжон Швидкойнинг сўзларини мақбул деб ҳисобламайди. Шунингдек, у мамлакат ҳукумати россиялик юлдузларнинг Боку ва бошқа шаҳарларда чиқишлари бекор қилинишига муносабатан бу ҳаракатни тўғри ва муносиб деб билаётганини қайд этди.
«Россия маданий тадбирларининг бекор қилиниши "Озарбайжоннинг маданий манзарасини камбағаллаштиради" деган гаплар ҳайрат уйғотади. Биз Баста каби қўшиқчиларнинг концертлари маданий муҳитимизни камбағаллаштиради, деб ўйламаймиз», — дейилади баёнотда.