Бугун 16 июнь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Озарбайжон бошқа халқлар урушининг бир қисми бўлмайди

 Озарбайжон бошқа халқлар урушининг бир қисми бўлмайди

Боку Теҳронни Озарбайжон ҳудудидан Эронга қарши ҳужумлар учун фойдаланишга йўл қўймаслигига ишонтирди ва сиёсий келишув муҳимлигини таъкидлади.

Озарбайжон ўз ҳудудидан ҳеч қайси давлат қуролли кучлари томонидан учинчи томонга, жумладан “қўшни ва дўст Эрон”га қарши фойдаланишига йўл қўймайди. Бу ҳақда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов ўзининг эронлик ҳамкасби Аббос Арагчи билан телефон мулоқоти чоғида айтиб ўтди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, суҳбат чоғида Арагчи Исроилнинг Эронга ҳужуми ва Теҳроннинг жавоб чоралари ҳақида маълумот берган. Байрамов Бош штаб бошлиғи, юқори мартабали зобитлар ва тинч аҳоли вакилларининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. У Бокунинг Эрон ядро иншоотлари атрофидаги вазиятдан хавотирда эканини қайд этди.

Озарбайжон ТИВ раҳбари Боку ҳар қандай халқаро инқирозни фақат тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади.

“Муаммоларни фақат мулоқот ва дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига мувофиқ ҳал қилиш муҳим”, — дейилади ТИВ баёнотида.

Байрамов, шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши фонида Озарбайжон чет эл фуқароларини қуруқлик чегараси орқали эвакуация қилиш учун шароит яратганини ҳам хабар қилди.

Исроил бир кун аввал Эрон ядровий дастурининг асосий элементларига катта зарбалар берди. Теҳрон бунга жавобан Исроилга юзлаб баллистик ракеталарни учирди. Ҳар икки томон ўнлаб қурбонлар ҳақида хабар бермоқда.

Исроил бу операция Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилишга қаратилганини айтди. Тел-Авивнинг айтишича, Эрон атом бомбаси яратишга яқин.

Эрон бу айбловларни рад этиб, ядровий қуролга эга бўлишга интилмаслигини таъкидлайди.

Киритилди: 21:04 14.06.2025. Ўқилди: 1063 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!