📌 Оёқлар – инсон танасининг муҳим таянч аъзоси. Аммо улардаги тиббий муаммолар юришга ҳалал бермагунча кўпчилик эътибор бермайди.
— Ясситовонлик ёки оёқлар ораси бурмаларининг торлиги каби нуқсонлар, ноқулай ва ҳаво ўтказмайдиган пойабзалларни кийиш ҳамда оёқларнинг узоқ вақт ноқулай шароитда бўлиши замбуруғлар хавфини оширади, — дейди Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Бобур Тоиров. — Микоз замбуруғлари – ана шундай касалликлардан. Улар бемор оёқ териси пўстли қипиқларида жуда кўп миқдорда бўлади.
👣 Оёқ терлаши, ишлаб чиқариш омилларининг таъсири, қон-томир ва эндокрин тизимда учрайдиган патологик ўзгаришлар, онкологик ҳамда иммунтанқислик билан кечувчи касалликлар оёқ микози ва бошқа замбуруғли хасталиклар ривожланишига қулай шароит туғдиради.
💁🏻♂️ Микоз бошланишида тери қичишади, баъзан қизариши мумкин. Шунингдек, тери қуруқлашиб, қипиқчалар юзага келади ёки сувсирайди ҳамда доғлар пайдо бўлади.
🦠 Дисбактериоз, иммун танқислиги, авитаминозлар билан хасталанган беморлар ҳам замбуруғли касалликларга мойил бўлади.
👞 Хасталик, асосан, шахсий гигиенага аҳамият бермай, беморнинг пайпоғи ва оёқ кийимларини киядиган инсонларда кузатилади.
👐🏻 Касаллик ўз вақтида даволанмаса, қўл ёки оёқ тирноқларига ўтиши мумкин. Бунда тирноқ қатлами қалинлашиб, уваланади. Ранги ўзгариб, нотекис ҳолга келади.
🦶🏻Шунингдек, хасталик бир неча йил давом этиб, бу даврда бемор замбуруғ инфекциясини бошқаларга ҳам юқтириши мумкин.
👨🏻⚕️ Шу сабабли ҳар бир киши оёқ-қўллари терисида муаммолар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиши лозим.
💉Айни пайтда замонавий текширувлар орқали тери хасталиклари тезкорлик билан аниқланади. Мутахассис назоратида керакли муолажалар олинса, бемор ҳеч бир асоратсиз соғайиб кетади.