Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ота қизини мажбурлаб турмушга бериши мумкинми?

Ота қизини мажбурлаб турмушга бериши мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изнидир. Агар бош тортса, уни мажбурлаш йўқ», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Етим қизлар» деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқлиги туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда, бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай, эрга бериб юбориш ҳеч гап бўлмай қолган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб, эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканлигини мана шу ривоятлардан кўриб турибмиз. Бундай қилиш катта зулм ҳисобланади.

Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар қизларга Аллоҳ томонидан берилган бу ҳақни поймол қилиб келганлар. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлсалар, уриб-сўкиб, эрга берганлар. Бу эса доимо Ислом душманлари томонидан динимизга айб сифатида қўйиб келинган. Мусулмонман деб юрганларнинг ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманларининг тегирмонига сув қуйишини шундан билиб олсак ҳам бўлади.

Хонса бинту Хидом ал-Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Отаси у кишини сўрамай, жувон ҳолида эрга берди. Бу унга ёқмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас, у зот унинг никоҳини бекор қилдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, жувон аёлни ўзидан сўрамай ёки мажбур қилиб, бировнинг никоҳига бериб бўлмайди. Ислом дини бундай вақтда ўша аёлга қозига арз қилиш ҳуқуқини беради. Арз қилинган чоғида эса қози ундай никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Изн сўрамай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади. У розиман, деса, никоҳ никоҳ бўлади, бўлмаса, бузилади.

Манба: muslim.uz

Киритилди: 23:58 20.05.2020. Ўқилди: 7220 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!