Франциянинг Марсел шаҳрида шифокорлар томонидан коронавируснинг янги варианти топилди. Бу ҳақда 3 январь, душанба куни Австриянинг Heute газетаси ёзди.
Камерундан Францияга қайтган одамларда коронавируснинг янги тури аниқлангани айтилмоқда.
"Бир киши Камерунга сафаридан қайтганидан сўнг, Франция жанубидаги ўн икки киши коронавируснинг илгари номаълум мутациясини юқтирган. Мутахассисларнинг фикрича, патоген ўша ердан келиб чиққан бўлиши мумкин", - дейилади хабарда.
Марсел шифокорлари янги версияда 46 та мутация аниқланганини қайд этишди. Янги версия B.1.640.2 белгисини олди.
Ҳозирча ушбу штаммнинг таҳдид даражаси ёки юқумлилиги ҳақида маълумот йўқ.
“Жон Хопкинс университети тадқиқотчиларининг маълумотларига кўра, Камерунда эмлаш даражаси атиги 2,4 фоизни ташкил этади”, — дейилади газетада.