Жорий йилнинг январ–май ойларида ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкор бўлинмалари ҳамкорлигида уюшган наркожиноятчилик ҳамда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши комплекс тезкор тадбирлар амалга оширилди.
Натижада наркотик воситаларни тарқатиш билан шуғулланган 59 та йирик уюшган наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Уларнинг 15 нафар етакчиси ва 199 нафар аъзоси қўлга олинди. Шунингдек, 15 та яширин нарколаборатория фош этилди. Бу кўрсаткич ўтган йил давомида аниқланган лабораториялар сонидан ҳам юқоридир.
Тезкор тадбирлар давомида 1,2 тонна анъанавий наркотик моддалар, 54 килограмм синтетик наркотиклар, 4,6 миллион дона психотроп дори воситалари ҳамда 3 тоннадан ортиқ ноқонуний прекурсорлар мусодара қилинди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу жиноий тармоқларнинг фаолияти тўхтатилиши натижасида ҳар йили аҳоли орасида тарқатилиши мумкин бўлган миллионлаб психотроп воситалар ва катта ҳажмдаги наркотик моддалар ноқонуний айланишининг олди олинди.
Наркожиноятчиликка қарши кураш йўналишида Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг ваколатли органлари билан ҳамкорликда 7 маротаба халқаро тезкор тадбирлар ўтказилди.
Таҳлиллар наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмаси қисқариб, уларни реализация қилиш мураккаблашгани сабабли «қора бозор»даги нархлар ҳам сезиларли даражада ошганини кўрсатмоқда.
Уюшган гуруҳий жиноятчиликка қарши кураш доирасида эса 40 та йирик жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилди. Уларнинг 48 нафар етакчиси, жумладан, 6 нафари хорижий давлатларда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди. Шунингдек, 224 нафар аъзо қўлга олинди.
Мазкур жиноий гуруҳлар мамлакатнинг 50 та шаҳар ва туманида талончилик, безорилик, товламачилик, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда фуқароларга тан жароҳати етказиш каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этиб келган.
Амалга оширилаётган тизимли ва манзилли чоралар натижасида мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар осойишталигини мустаҳкамлаш ҳамда уюшган жиноятчиликнинг илдизларига зарба бериш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.