Лос-Анжелесда “Олтин глобус” мукофотини топширишнинг 83- маросими бўлиб ўтди. Режиссёр Пол Томас Андерсон “Жанг ортидан жанг” филми учун бир нечта мукофотга сазовор бўлди.
Британиялик актёр, 16 ёшли Оуэн Купер “Ўтиш ёши” (Adolescence) мини-сериалидаги роли учун “телеформатда ижро этилган энг яхши иккинчи пландаги эркак роли” номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда якшанба, 11 январ куни Калифорния штати, Лос-Анжелес округидаги Беверли-Хиллзда бўлиб ўтган “Олтин глобус”нинг 83-маросимида эълон қилинди.
Ушбу иш “энг яхши мини-сериал” деб ҳам топилди. “Ўтиш ёши”да ота ролини ижро этган Стивен Грэм мини-сериалдаги “энг яхши актёр” мукофотини қўлга киритди. У, шунингдек, сценарий муаллифларидан бири ҳам ҳисобланади.
Мини-сериалдаги “энг яхши актриса” — Мишел Уилямс. У кўкрак саратони ташхиси қўйилган аёл образини ижро этган.
Америкалик режиссёр Пол Томас Андерсон Леонардо Ди Каприо бош ролни ўйнаган “Жанг ортидан жанг” (One Battle After Another) филми учун “энг яхши режиссёрлик” ва “энг яхши сценарий” номинацияларида “Олтин глобус”ни қўлга киритди. Картина сўл радикал экстремист гуруҳнинг собиқ аъзоси ҳақида ҳикоя қилади.
“Кинофилмдаги энг яхши иккинчи пландаги эркак роли” номинацияси ғолиби — “Сентиментал қиймат” (Affeksjonsverdi) фильмида суратга тушган Стеллан Скарсгард. Картина бир пайтлар машҳур бўлган кинорежиссёр ва унинг катта ёшли қизлари билан муносабатлари ҳақида.
Шу каби “аёллар” номинациясида эса “Жанг ортидан жанг” филми учун актриса Тияна Тейлор “Олтин глобус”га лойиқ кўрилди.
“Энг яхши анимацион филм” деб “Кей-поп: иблис овчилари” (KPop Demon Hunters) эътироф этилди. Лента Huntrix номли аёллар кей-поп гуруҳи ҳақида: унинг иштирокчилари овозлари орқали одамларни ҳимоя қилади.
Беверли-Хиллздаги маросимда “энг яхши комедия сериали” деб “Киностудия” (The Studio) тан олинди. “Комедия сериалдаги энг яхши актёр ва актриса” номинацияларида Сет Роген (“Киностудия”) ва Жин Смарт (“Ҳийлалар”, Hacks) мукофотланди.
“Киностудия” Continental Studios ҳақида бўлиб, у ерда суперқаҳрамонлар ҳақидаги филмни суратга олишга уринишади. “Ҳийлалар” эса Лас-Вегасдаги комедиант аёл — Дебора Вэнс тақдири ҳақида.
“The Pitt” (“Питт”) “энг яхши драматик сериал” сифатида “Олтин глобус”га сазовор бўлди. Унда Питтсбургдаги тез ёрдам бўлими шифокорларининг кундалик ҳаёти тасвирланади.
“Драматик сериалдаги энг яхши эркак роли” ва “драматик сериалдаги энг яхши аёл роли” номинацияларида Ноа Уайли (“Питт”) ва Рэй Сихорн (“Кўплардан бири”, Pluribus) мукофот олди.
“Олтин глобус” — Ҳолливудда аккредитациядан ўтган хорижий журналистлар ассоциацияси ҳар йили тақдим этадиган мукофот бўлиб, АҚШда нуфузи жиҳатидан фақат “Оскар”дан кейин туради. Мукофот 20 дан ортиқ номинацияда топширилади. У 1943 йил октябрда таъсис этилган, илк тақдирлаш маросими 1944 йил январда бўлиб ўтган.
Анъанага кўра, “Олтин глобус”ни олган филм ва сериалларга “Оскар”нинг асосий даъвогарлари сифатида қаралади. Бу йил “Оскар” 15 март куни топширилади.