Мақолада ёзилишича, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази вакилларидан иборат делегация Буюк Британияга сафар уюштириб, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан илмий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Ташриф давомида Буюк Британия илмий доираларига Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, мамлакатда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, қадимий ва бетакрор заминнинг зиёрат туризми йўналишидаги салоҳиятини ёритиб беришга бағишланган маърузалар, тақдимот ва кўргазмалар ташкил этилди.
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий Ўзбекистондаги исломшуносликка оид илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликдан манфаатдор эканини таъкидлаб, биргаликда каталоглар нашр этиш, қадимий қўлёзмалар устида илмий изланишлар олиб борилишини қайд этган.
Манба: daryo.uz