Бухоро вилояти Қоракўл туманида ички ишлар ходимлари кўчага пакетга солиб ташлаб кетилган чақалоқ ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унга кўра, ички ишлар органлари томонидан ушбу ҳолат ҳамда уни келтириб чиқарган сабаб ва омилларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Қўмита масъуллари томонидан ҳам ушбу ҳаракатни содир этган фуқаронинг оиласидаги маънавий муҳит, ижтимоий ҳолат юзасидан маълумотлар таҳлил этилмоқда.
“Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими ҳар қандай вазиятда ҳам онанинг фарзандини ўлимга олиб борадиган бу каби ҳолатда ташлаб кетишини кескин қоралайди.
Аввало, фарзанд билан боғлиқ мажбуриятларни эслатган ҳолда мабодо ота ёки она ўз фарзандидан воз кечишга қарор қилган тақдирда бунинг қонуний асослари борлигини, бола ҳаётига таҳдид солишлик қонун билан жазоланиши муқаррарлигини таъкидлашни ўринли деб билади. Гўдакларимизни парваришлайлик, фарзандларимизни асрайлик”, — дейилади хабарда.