Бугун 23 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Оддий жўнатма ортидан яширин нарколаборатория фош бўлди

Оддий жўнатма ортидан яширин нарколаборатория фош бўлди

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари ва “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Хитойдан юборилган курьерлик жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилди.

Ҳужжатларга кўра, жўнатмада озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган рангли қўшимчалар борлиги кўрсатилган эди. Бироқ текширув давомида оқ рангли кристаллсимон кукун аниқланди.

Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси экспертизаси хулосасига кўра, жўнатма таркибида қарийб 25 килограмм “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги маълум бўлди.

Аммо бу ҳали воқеанинг ҳаммаси эмас эди! Божхона ходимлари томонидан ДХХ ва ИИВ вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жўнатма ортидаги жиноий занжир ҳам фош этилди.

Аниқроғи, ушбу юклар “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “ALTAIR” номли аккаунт орқали Гулистон шаҳрида яшовчи 2 нафар фуқаро номига юборилган. Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар Тошкент шаҳрида курьерлик жўнатмасини қабул қилиб олаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Гулистон шаҳрида давом эттирилиб, гумонланувчи шахсларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилди. Натижада у ерда 8 минг дона бўш капсула, 300 дона қўлбола усулда тайёрланган капсула, икки дона электрон тарози, беш жуфт тиббий қўлқоп ҳамда 5 килограмм “мефедрон” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда аниқланди.

Энг ташвишли жиҳати, тезкор тадбир давомида нафақат кучли таъсир қилувчи моддалар жўнатмаси, балки яширин нарколаборатория ташкил этишга уриниш билан боғлиқ ҳолат ҳам фош бўлди.

Эътиборли томони шундаки, ушбу ишлар эндигина 20–21 ёшга кирган, Гулистон шаҳрида яшовчи ёш йигитлар томонидан амалга оширилган. Яъни уюшган жиноий гуруҳ ўз фаолиятини интернет тармоғидаги “SIMBIOZ” номли наркодўкон орқали олиб борган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Киритилди: 11:20 14.10.2026. Ўқилди: 856 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда