Жуда узоқ иккиланишлардан сўнг сентябрь ойи охирида очилишига рухсат берилган Нью-Йоркдаги давлат мактаблари COVID-19 билан боғлиқ вазият кескинлашаётгани туфайли бугундан яна ёпилмоқда.
“Биз касаллик аниқланиши кўрсаткичи бўйича 3 фоизлик чегарага етдик. Афсуски, бу эҳтиёт чораси сифатида 19 ноябрдан мактаблар ёпилишини англатади”, деб ёзди мэр Билл де Бласио чоршанба куни.
Аслида, шундай бўлиши кутилганди ҳам. Чунки ҳафта бошиданоқ мактабларнинг ёпилиши ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Тахминларга кўра, “вақтинча ёпилиш” атиги бир ҳафта давом этади. Лекин Нью-Йорк аҳолиси вақтинчалик чоралар доимийга айланиб қолишига ҳам кўникиб қолган, дея киноя қилишмоқда америкалик журналистлар.
Умуман олганда, ушбу қарор мамлакатдаги энг катта мактаб тизимига эга бўлган ҳудуддаги 300 минг ўқувчига таъсир қилади. 700 минг ўғил-қиз эса аллақачон масофадан ўқияпти.