Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 2 июнь куни соат 04:19 да Навоий шаҳрининг Кимёгар маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйнинг том қисми ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига еттита ёнғин-қутқарув бўлинмаси ва иккита автонарвон жалб қилиниб, қутқарувчилар соат 04:23 да етиб борган. Ёнғин соат 04:35 да қуршаб олинган ва соат 05:35 да тўлиқ ўчирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида жойлашган саккизта хонадоннинг том қисми, шифтлари ва ички ҳудуди жами 300 квадрат метр майдонда ёнган.
Ёнғин оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.