Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий иттифоқ авторитар кучларнинг тобора яқинлашаётганини кўрсатади ва демократик давлатларнинг бирлашган фронтини шакллантириш муҳимлигини англатади.
"Биз авторитар кучлар бир-бирига яқинлашаётганини тушунишимиз керак. Улар бир-бирини ўта кучли тарзда қўллаб-қувватламоқда. Шимолий Корея Россияга катта миқдорда ўқ-дорилар етказиб берди, Хитой ва Эрон эса Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда. Россия Федерацияси ва бошқа авторитар давлатлар ўртасидаги яқинлик ўсиб бораётгани НАТОнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги иттифоқчилари билан ҳамкорлик қилишнинг аҳамиятини янада оширади", — дея муносабат билдирди НАТО бош котиби.
Столтенбергнинг таъкидлашича, июл ойида Вашингтонда ўтказиладиган НАТО саммитига Австралия, Япония, Янги Зеландия ва Жанубий Корея ҳукумат раҳбарлари юқоридаги сабабларга кўра таклиф қилинган.