Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Мутахассис: Тишдаги тошлар пародонтозга олиб келади

Мутахассис: Тишдаги тошлар пародонтозга олиб келади

Инсон саломатлигида тишларнинг соғлом бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бунга доим ҳам эътибор бермаймиз. Оқибатда тишда тош пайдо бўлиб, ёқимсиз ҳолат юзага келади.

Хўш, бунинг асосий сабаби нима? Ундан қандай халос бўлиш мумкин?

Ушбу саволларга стоматолог-шифокор Мирафзал Ирханов жавоб берди.

🦷 — Соғлом тишлар, аввало, организм саломатлигидан дарак берувчи белги ҳисобланади, — дейди мутахассис. — Тишлар чайнов жараёнининг бошланғич бўғини ҳисобланиб, сўлак ферментлари ёрдамида овқат луқмасини ҳазм жараёни учун тайёрлаб бериши билан аҳамиятли. Соғлом тишлар инсонга ҳусн ва чиройли табассум ҳадя этади. Аммо уларга ўз вақтида эътибор берилмаса, тиш ва оғиз бўшлиғида турли хасталиклар ривожланиши мумкин.

✅ Тиш-тош касаллиги шулар жумласидан. У тиш сиртидаги сарғиш ёки кулранг (кашандаларда жигарранг, ҳатто қорамтир) қатлам ҳисобланиб, милк усти ва остида, тиш бўйнида ҳосил бўлади.

🚬Тошлар тўсатдан пайдо бўлмайди. Асосан оғиз гигиенасига етарлича ғамхўрлик қилинмаганда кузатилади. Қолаверса, тишлар шакли, овқатни чайнашда уни нотўғри тақсимлаш, сўлак таркибидаги ўзгаришлар, қаттиқ егуликлар етишмаслиги, тамаки чекиш, кучли чой ва қаҳвани кўп ичиш натижасида ҳам келиб чиқади. Оқибатда тишларда дастлаб оқимтир қарашлар кўзга ташланади.

🍜 Тош тўғри тозаланиб, ювилганда ёки қаттиқроқ овқат чайналганда осонлик билан кўчиб тушиши мумкин. Баъзан унинг ички юзасини қоплаб эмаль қисмига сингиб кетади. Шу боис тошни кўчириш анча қийин. Бу эса аста-секин милкни эзиб қўяди ва улар қонайдиган, оғиздан қўланса ҳид келадиган бўлиб қолади. Шунингдек, йиринг ажралиб, милк шиллиқ пардасининг яллиғланиши (гингивит) ва пародонтозга олиб келади.

🪥 Тишда тош пайдо бўлишининг олдини олиш учун овқатни меъёрида чайнаш (ҳамма тишлар билан), суви қочган нон, сабзи, олма еб туриш лозим. Қолаверса, касал тишлар ва яллиғланган милкни ўз вақтида даволаш, йўқ тишлар ўрнини тўлдириш зарур. Қолаверса, уларни кунда 2 марта сифатли тиш пастаси билан ювиш ҳамда вақт-вақти билан стоматолог кўригидан ўтиб туриш мақсадга мувофиқ.

🔬Бугунги кунда тишдаги тошлар оғриқсиз усуллар – лазер, ультратовуш ва аэрозол оқими ёрдамида олиб ташланади.

Киритилди: 10:00 29.03.2023. Ўқилди: 1718 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!